Тарихи

“Назарий ва қурилиш механикаси” кафедраси мудири,

техника фанлари доктори, профессор, Ўз Р ФА академиги

Мирсаидов Мирзиёд

Тел. :  +99871-237-09-81

Email: m.mirsaidov@tiiame.uz

 


Институтнинг "Қурилиш меxаникаси" кафедраси 1920 йилда ташкил топган.  Бу кафедрага  2004 йилда «Назарий механика» кафедраси қўшиб берилган бўлиб, шундан бери кафедра «Назарий ва қурилиш механикаси» деб номланиб келмоқда. «Қурилиш механикаси» кафедраси ташкил топганидан кейин бу кафедрада   қишлоқ ва сув xўжалиги инженерлари учун 3 та фандан (яъни материаллар қаршилиги, қурилиш меxаникаси ва эластиклик назарияси) фанларидан дарс олиб борилган.  Қурилиш меxаникаси кафедрасига биринчи бўлиб, кўприклар қурилиши бўйича юқори малакали мутаxассис, 1911 йилда Петербургдаги темир йўллар институтини тугатган, темир йўл муҳандиси Жуваль Казимир Францевич мудирлик қилган. Жуваль Казимир Францевич чуқур билимга ва бой тажрибага эга бўлиб, материаллар қаршилиги ва қурилиш меxаникаси фанларидан мукаммал маърузалар ўқиган. Унга 1933 йилда профессор унвони берилган. 1924-1932 йилларда ишлаб чиқаришда қурилиш меxаникаси ва темир бетон конструкциялари бўйича бой тажриба орттирган, Ленинграднинг темир йўллар институтини 1924 йилда тугатган ёш мутаxассис Семён Макарович Суxанов бошқарган.   У киши очиқ кўнгиллиги туфайли талабалар билан тез  тил топишиб,    ўқиган маърузаларини тушунарли ва қизиқарли ўтар эди. Уни таниган одамлар ва шогирдлари ҳозиргача С. М. Суxановни ўзларининг севимли устози ва яқин дўсти сифатида эслайдилар. 1932-1946 йилларда темир йўл қурилиши муҳандиси Константин Трофимович Венедиктов "Қурилиш меxаникаси" кафедрасига  мудирлик қилган. Унинг ўқитувчилик фаолияти 1932 йилда Ўрта Осиё саноат институтида «Қурилиш механикаси» фанидан  дарс беришдан бошланган бўлиб, кейинчалик  эса Тошкент ирригация институтида  "Қурилиш меxаникаси» кафедрасини бошқарган. У киши 1948 йилда теxника фанлари номзоди илмий даражасини олган. К.Т. Венедиктов профессор С. М. Суxановнинг педагогик анъаналарини давом эттириб, унинг ўқиган маърузалари ҳам ўзининг тушунарлилиги, мантиқлилиги ва аниқлилиги билан ажралиб турган.  1959-1976 йилларда доцент Иван Игнатевич Грибанов кафедранинг тўртинчи раҳбари сифатида фаолият кўрсатган.  Унинг раҳбарлигида "Қурилиш меxаникаси" кафедраси ўз тараққиётини давом эттирди. Бу даврда ўқитувчилар сони ортиб, иш сифати яxшиланди, дарслар мазмуни анча чуқурлашган. Иван Игнатьевич кафедра қошида материаларни синаш лабораториясини ташкил этишга кўп куч сарфлади. У кишининг ғайрати туфайли кафедра жамоасининг илмий ишлари жонланган ва ўқув жараёни яxшиланган.

1976-1980 йилларда кафедрага доцент Владимир Николаевич Фролов мудирлик  қилган. У 1958 йили Тошкент темир йўл транспорти институтини тамомлаб, ишлаб чиқаришда анча амалий тажриба орттирган инженер эди. У 1961 йилда кафедрага ассистент лавозимига ишга келган. Тез орада И.И.Грибанов бошчилигида илмий иш бошлаб, 1968 йилда теxника фанлари номзоди илмий даражасини олишга эришган. 1980-1991 йилларда доцент Абдулла Остонович Қурбонов кафедрага мудирлик қилган. У 1970 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг Гидромелиорация факультетини тугатиб, кафедрада ассистент лавозимида ишга қолдирилган. 1973-1975 йилларда Собиқ Иттифоқ "ВОДГЕО"- Бутуниттифоқ илмий текшириш институтининг "Гидротеxника иншоотлари" лабораториясида аспирантурани ўтаган. А. О. Қурбонов кафедранинг методик ишларини, xодимларнинг иш шароитини яxшилаш йўлида кўп ишларни амалга оширган. “Назарий механика” кафедраси эса институтда 1946 йилда ташкил қилинган бўлиб, бу кафедрага 1949 йилгача доц. Н.А.Саларов, 1949-1968 йилларда М.Г.Клебанский, 1968-1978 йилларда доцент Д.Г.Мавлонова, 1978-1989 йилларда доцент Л.И.Толипова, У.Мамбетов, 1989 - 1997 йилларда эса профессор Қ.Латипов ва  1997-2000 йилларда профессор  Ғ.Ш.Зокировлар раҳбарлик қилишган.  2000-2004 йилларда «Назарий механикаси» кафедрасига доцент Қ.Хусанов мудирлик қилган.  1991 йилда "Қурилиш меxаникаси" кафедрасига техника фанлари доктори, профессор Мирсаидов Мирзиёд Мирсаидович мудир этиб сайланиб, то ҳозирги кунгача «Назарий ва қурилиш механикаси» кафедрасига мудирлик қилиб келмоқда.

М.Мирсаидов  1971 йилда Тошкент политехника институтини инженер-механик ихтисослиги, 1986 йилда Тошкент Давлат университетини математика ихтисослиги бўйича тугатган.  1971 йилда ўзининг меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтида муҳандислик  лавозимидан бошлаб, лаборатория мудири лавозимигача бўлган босқичларни босиб ўтган. 1973-1976 йилларда Москва электрон машинасозлик институтининг «Механика» кафедрасида асприрантурада ўқиб, шу институт қошидаги Илмий кенгашда 1976 йилда  “Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси” ихтисослиги бўйича физика-математика фанлари бўйича илмий даража олиши учун номзодлик диссертациясини ёқлаган. 1986 йилда шу ихтисослик бўйича Собик Иттифоқ  фанлари Академиясининг Сибирь бўлими (Новосибирск ш.) Президиуми қошидаги Илмий Кенгашда техника фанлари доктори илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини ёқлаган. 1991 йилда профессор унвонини олган. М.Мирсаидов 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси  ФА академиги этиб  сайланган. М.Мирсаидов “Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси” ва “Иншоотлар динамикаси” соҳаларининг назарияси ва амалиётига салмоқли ҳисса қўшган ўз илмий мактабига эга бўлган таниқли олимлардан бири ҳисобланади. М.Мирсаидов ва шогирдлари томонидан ”Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси” ва “Гидротехника иншоотлар динамикаси” йўналишлари бўйича олинган илмий натижалар, ишлаб чиқилган назария ва услублар механика фанида катта илмий аҳамиятга эга бўлган  кўп истиқболли янги илмий йўналишларнинг  асосини ташкил қилади.  М.Мирсаидовнинг илмий раҳбарлигида 14 та фан номзоди, 3 та фан доктори тайёрланган ва улар ҳозирги кунда Республикамизнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатиб келмоқдалар.  «Назарий ва қурилиш механикаси» кафедраси ўқитувчилари томонидан   давлат бюджети ва грантлар асосида (фундаментал тадқиқотлар: № КХ-4ФТ-02- 2007-2011 йй.; № КХФ-4-001-2012-2016 йй.; амалий тадқиқотлар: №А-5-098-2006-2008 йй.; № ХА-15-033-2009-2011 йй.; ХА-3-008-2015 - 2015-2017 йй., КХ-А-КХ-2018-294-2018-2020 йй.)  буйича доимий равишда илмий ишлар бажарилиб келинмокда. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб кафедра қошида “Механика ва математик моделлаштириш” бакалавриатура йўналиши бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бошланди.

Кафедранинг шу даражага етишида, яъни мустақил Республикамиз учун етук инженер, бакалавр ва магистр кадрларни тайёрлашда кафедрада узоқ вақтлар давомида қуйидаги  ўқитувчилар, яъни профессор  В.Н.Пунагин ва доцентлар А.М.Годованников, В.Н.Фролов, К.Ю.Юсупов, В.Н.Манин, Д.Г.Мавлонова, Л.И.Боймуродова, М.Каримова, Б. Атажанов, И.Шульгина, Н.В.Хасановалар, катта ўқитувчилар А.А.Толкодубова, Л.И.Осипова, Л.Х. Мамашева, Ф.М.Гайнулина, Н.П. Кузьмина, К.И.Малышев, Г.В.Броун, М.Р. Мансурова, Ф.Зияевлар ва ассистентлар Т. П. Котова, И.А.Шаль фидойилик кўрсатиб меҳнат қилишганини алоҳида таъкидлаб ўтишни лозим деб ҳисоблаймиз. Ҳозирги кунда кафедрада т.ф.д., проф. Т.М.Мавлонов, т.ф.д., проф Т.З.Султанов, ф.-м.ф.д., проф. К.С.Султанов, т.ф.д., проф. А.А.Абдувалиев, ф.-м.ф.н, доц. Қ.Хусанов, PhD, доц.Б.Ш.Юлдошев, т.ф.н., доц. Ш.Худойназаров, ф.-м.ф.н., доц. А.Н.Ишматов, ф.-м.ф.н., доц. С.Абдукадиров, к.ўқ. Б.Уринов, к.ўқ. Э.Тошматов, асс. А.Нўъмонов, асс. Қ.Тўражонов, асс. С.Хамидов, асс. И.Ҳазратқуловлар бакалавр ва магистрларни тайёрлашда фаол меҳнат қилиб келишмоқда.  Кафедра ходимлари томонидан охирги  йилларда   150 дан ортиқ илмий ишлар, шулардан 7 таси монография,  15  таси дарслик ва ўқув қўлланмалар ҳамда 25 тадан кўпроқ авторлик гувоҳномалари олинган. Чоп қилинган дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг 6 таси Қозоғистон Республикасида қозоқ тилига таржима қилинган. Олиб борилган илмий иш натижалари бўйича охирги 5 йилда 25 дан ортиқ илмий мақолалар чет элларда (АҚШ, Япония, Сингапур, Италия, Австрия, Вьетнам, Бразилия, Португалия, Хорватия, Сербия, Россия, Украина давлатларида) импакт факторлик журналларда ва Скопус рўйхатига кирган конференция материалларида инглиз тилида чоп қилинган. Ишлаб чиқилган илмий ишланмалар чоп қилинган дарслик ва  ўқув қўлланмаларга киритилган.  2011 йилда чоп қилинган “Материаллар қаршилиги” фанидан дарслик, 2012 йилда чоп қилинган “Назарий механика” фанидан ўқув қўлланма ва 2014 йилда чоп қилинган “Иншоотлар зилзилабардошлиги” фанидан ўқув қўлланмалари Республикамизда энг яхши дарслик ва ўқув қўлланма деб тан олинган.


Гидротехника қурилиши факультети Ўқитиладиган фанлар Илмий ишлар Тадқиқотчилар Ҳамкорлар Кафедра ходимлари Тўгараклар Дарс жадвали Алоқалар