Самарқандга сайр-у саёҳат

"Гидротехника қурилиши" факультети 2 - босқич 6 - гуруҳ талабалари ва гуруҳ мураббийи “Назарий ва қурилиш механикаси”  кафедраси катта ўқитувчиси Э.Тошматов раҳбарлигида жаннатмакон юртимизнинг Самарқанд шаҳрига саёҳат қилишди. Юртимиздаги бой тарих ва маданиятга эга шаҳарлар орасида Самарқанднинг алоҳида ўрни бор. Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри тарихий обидалари билан ажралиб туради. Институтимиз талабалари Регистон мажмуаси, Гўри Амир мақбараси ва Шохи Зинда мажмуасида бўлиб, машҳур меъморий обидалар билан танишдилар. 

Қадимий Самарқандга ташриф буюрувчи кўплаб сайёҳлар Гўри Амир мақбарасини жаҳонга машҳур ва Ўрта Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этадилар. Мақбарага темурийлар оиласи ва сулоланинг меросхўрлари дафн этилган. Шунингдек, довруғ қозонган Шоҳи Зинда мажмуаси Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, шарқ мусулмонларининг муқаддас зиёратгоҳларидан бири ҳисобланади. Регистон майдонидаги Улуғбек, Шердор ва Тилла-Кори мадрасаларининг ноёб бинолари шаҳар гўзаллигига кўрк қўшиш билан ажралиб туради. Бу ва бошқа кўплаб иншоотлар жаҳон меъморчилигининг ноёб дурдоналари тарихида муносиб ўрин эгаллайди. 

Самарқанд заминига қадам босган инсон, аввало, ўзида руҳий тетикликни ҳис этади. Азим шаҳарнинг мусаффо ҳавоси ва зилол суви эса тасвирлаб бўлмас қувват бағишлайди. Башарти, бу таъриф-у тавсифлар шунчаки эмас, балки уларнинг замирида айни ҳақиқат ётибди десак, муболаға бўлмайди. Зеро, кўҳна Самарқанд не-не авлиёлар, буюк алломалар ва улуғ зотлар абадий қўним топган муқаддас замин ҳисобланади. Тошкент шаҳридан ташриф буюриб, ушбу муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш албатта, инсонга тетиклик ва руҳий завқ бағишлайди. Самарқандга қилган сафаримиз талабаларимизда унутилмас таассурот қолдирди. 

“Назарий ва қурилиш механикаси” кафедраси катта ўқитувчиси Э.Тошматов ахбороти 

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов