Пском ГЭСига ташриф

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 24.03.2017 йил ПҚ 3702-сонли ва “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисидаги” 20.04.2017 йил ПҚ 2909-сонли қарорларининг ижроси бўйича ТИҚХМИИда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Институт ректори Ў.П.Умурзаков ташаббуси билан таълим, фан ва ишлаб-чиқариш интеграциясини жадаллаштириш, ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг самарадорлигини янги сифат босқичига кўтаришни таъминлаш учун чора-тадбирлар режасини бажариш мақсадида Пском Гидроэлектростанцияси ҳудудига институтнинг “Сув энергияси ва насос станцияларидан фойдаланиш” кафедраси мудири, профессор Д.Р.Базаров ва кафедра аъзолари амалий ташриф билан боришди.

Ташриф давомида Пском дарёсида қурилаётган Гидроэлектростанциясида олиб борилаётган лойиҳалар ва қурилиш ишлари билан танишилди. Шунингдек, ТИҚХМИИ профессор-ўқитувчилари ва дунёнинг нуфузли илмий даргоҳлари мутахассислари билан ҳамкорликда “қўшимча мутахассислик таълими” дастурларини  амалга ошириш,  ташкилот тасарруфидаги ходимларнинг малакасини ошириш, уларда техник, лойиҳа, смета ҳужжатлари билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш, қурилиш объектларида фаолият кўрсатаётган ёшларни ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, олий таълимга жалб қилиш режаси келишиб олинди. Шу билан бирга “Сув энергияси ва насос станцияларидан фойдаланиш” кафедраси филиалини очиш ҳамда амалиётларни онлайн тарзда ташкилотнинг етакчи мутахассисларини жалб қилган ҳолда олиб бориш вазифалари ташриф давомида белгилаб олинди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати